Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга барпо этамиз!

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Янги Ўзбекистон» нашридан олинди.

 

Барчамизга маълумки, жорий йилниг 25 декабр куни Тошкентдаги «Ҳумо арена»да бўлиб ўтган “Ўзбекистон Ёшлари Форуми”да муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда биринчи бор ўтказилаётган ушбу анжуман билан барча ёшларни табриклаб, “Мен ҳар гал ёшларимиз билан учрашганимда сизларнинг ғайрат-шижоатингиздан куч-қувват оламан, кўнглим тоғдай кўтарилади. Ҳар бирингиз жонажон Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш орзуси билан ёниб яшаётганингизни яхши биламан. Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида қадрлайман”, – дея Янги Ўзбекистон ёшларига қарата самимий муносабат билдириб ўтдилар. Ҳаётда эндигина ўз йўлини излаётган, ҳар имкониятга умид билан қараётган ёшлар учун президент билан учрашув – катта воқеа.

Дарҳақиқат, юртимизда қандай ислоҳотларга қўл урмайлик, аввало, сиз каби ёшларга, сизларнинг куч-ғайратингиз, азму шижоатингизга суянамиз. Барчангиз яхши биласиз, бугун ўз олдимизга улкан марралар қўйганмиз. Она Ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга киришдик. Биз оила, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълимни ҳамда илмий-маданий даргоҳларни бўлғуси Ренессанснинг энг муҳим бўғинлари деб ҳисоблаймиз. Шу сабабли айни ушбу соҳаларда туб ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз. Ишонаманки, мамлакатимиз тараққиётининг янги пойдеворини яратишда сизлар сингари фидойи ва ватанпарвар ёшларимиз фаол иштирок этиб, муносиб ҳисса қўшадилар.

Давлатимиз раҳбари коронавирус пандемияси даврида ёшлар халқ дардига дармон бўлгани, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида кўнгилли сифатида қатнашиб, қийналган оилаларга амалий ёрдам берганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ҳақиқатдан ҳам мамлакатимизда коронавирус пандемияси даврида юртимиз ёшлари қаторида университет талаба-ёшларидан иборат кўнгиллилар гуруҳи ташкил этилиб, қийналган ва муҳтож оилаларга амалий ва инсонпарварлик ёрдамлари диққатга сазавор.

Ушбу Форумда, “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ташкил этилиши қайт этиб ўтилди. Яъни, бугунги кунда ишсиз юрган ёшларимизни ҳам томонлама қўллаб қувватлаш мақсадида “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшни бириктириш ташаббуси кўплаб тадбиркорларимиз томонидан фаол қўллаб-қувватланди. 2021 йилда камида 500 минг нафар ёшни иш билан таъминлаши мумкин бўлган бу эзгу ҳаракатни давлатимиз раҳбари томонидан маъқулланганлиги юртимиз ёшларига янада ғурур ва кележакка бўлган ишонч, мамлакатимизда истеқомат қилаётган барча ёшлар Президент эътиборида эканлигидан далолат беради.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев форум доирасида ёшлар билан учрашиб, мулоқот қилди. Учрашувда ёшларни қийнаётган муаммолар ечимига оид режалар баён қилинди, вазифалар белгиланди. Аввалига эълон қилинган янгиликларнинг айримларини санаб ўтсак:

Биринчидан, икки ва ундан ортиқ фарзанди олий ўқув юртида шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш йўлга қўйилади. Бу кредитларни ёшлар ОТМни битириб, ишлашни бошлаганларидан кейин узиши мумкин бўлади.

Иккинчидан, 2021 йилдан ОТМларга кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Президент гранти жорий этилади. Ҳозирги Президент стипендияси фақат бир ўқув йили учун мўлжалланган бўлса, ушбу грант маблағлари тўрт йил давомида тўлаб борилади.

Учинчидан, IELTS, TOEFL, GMAT ва SAT каби имтиҳонларда максимал баллнинг камида 75 фоизини тўплаган ёшларнинг имтиҳон харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Тўртинчидан, Ҳукуматга ёш кадрлар учун белгиланган синов муддати даврида иш берувчиларга имтиёзлар тақдим этиш масаласини кўриб чиқиш вазифаси топширилди.

Бешинчидан, ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади ва унга 100 миллион доллар маблағ ажратилади.

Олтинчидан, ташкил этиладиган Жамғарма ёшларнинг лойиҳаларини қулай шартларда ва паст фоизларда молиялаштиради. Бундан ташқари, кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш бинолари қурилиб, ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида берилади.

Еттинчидан, касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали махсус сертификат олган ёшларга Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст ставкада микрокредитлар ажратилади. Бу кредитлар 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан берилади. Бу мақсадлар учун 2021 йилда 45 миллион доллар ажратилади.

Саккизинчидан, Тошкент шаҳрида замонавий муҳташам Кутубхона барпо этилади ва бу маърифат саройи илм-фаннинг сўнгги ютуқлари асосида жиҳозланади.

Тўққизиндичан, Мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ўртасида «Бўлажак олим» танловини ташкил қилиш орқали ёшларнинг энг яхши инновацион ҳамда стартап лойиҳаларига 50 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Мазкур Форумда давлатимиз раҳбари ўз маърузаларида, “Бугун ўз тенгдошларига ибрат бўлаётган, жамиятдаги янгиланишлар жараёнида фаол иштирок этаётган ёшларимиз жуда кўп. Лекин, ҳаётда ўз ўрнини топишга қийналаётган, адашган, кўмакка муҳтожлари ҳам йўқ эмас. Шунинг учун ёшлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қатлами билан масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қиладиган “Ёшлар мурожаати” электрон платформасини яратиш вазифаси топширилади”, – дея таъкидлаб ўтдилар давлат раҳбари. Бу албатта, юртимиз ёшларини жумладан, уюшмаган қатлами билан доимо мулоқат қилиш имкониятини туғдириб, ёшлар ва давлат ўртасидаги муҳим ижтимоий кўприк вазифасини белгилайди.

Шунингдек, ушбу учрашувда, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш ва ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш ҳам устувор вазифалардан бири. Ўтган уч йил мобайнида мамлакатимиз бўйича 5 минг 100 тадан ортиқ намунали ёш оилага арзон уй-жойлар қурилиб, қарийб 200 миллиард сўм миқдорида бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди. Бунинг мантиқий давоми сифатида 2021-2023 йилларда “Ёшлар уйлари”ни қуриш дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириш вазифаси белгиланлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.

Ўзбекистон Ёшлари Форуми якуни Президент Ш.Мирзиёев ёшларга қарата, “Бир сония ҳам вақтингиз бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг! Сизлар ­– мустақиллик фарзандларисиз. Ота-боболарингиз кўрган тўсиқ ва қийинчиликларни кўрмай, озод Ватанда эркин нафас олиб, вояга етяпсизлар. Юксак мақсадлар йўлида сиз – ёшлар ҳал қилувчи куч бўлишингиз керак. Мен сизларнинг зиммангизга юкланган ана шундай улкан масъулиятни, том маънодаги тарихий вазифани шараф билан адо этишингизга қатъий ишонаман”,  дея Янги Ўзбекистон ва 3-Ренессанс даврини ёшлар билан биргаликда бунёд этишимиз кераклиги ҳақидаги устивор вазифаларни белгилаб бердилар.


Равшонбек Худайберганов,

“Ижтимоий фанлари” кафедраси доценти.