Talabalar oʼqishini koʼchirish yoki qayta tiklash

Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш

 Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш:

олий таълим муассасалари;

тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар;

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб аталади) қарорлари асосида амалга оширилади.

Бир олий таълим муассасаси доирасида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш шу олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи асосида амалга оширилади.

Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш талабани қабул қилаётган олий таълим муассасаси бўйсунадиган вазирлик (идора) қарори асосида амалга оширилади:

олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича бир вазирлик (идора) доирасида бошқа олий таълим муассасасига;

олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича турли вазирлик (идора) доирасида бир олий таълим муассасасидан бошқа олий таълим муассасасига.

Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш Давлат комиссияси қарори билан амалга оширилади:

хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлган олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига;

бир олий таълим муассасаси доирасида ёки бир вазирлик ёки идора ёхуд турли вазирликлар ва идоралар тизимидаги олий таълим муассасаларига олий таълимнинг турдош бўлмаган таълим йўналишларига ва истисно тариқасида мос бўлмаган мутахассисликларига.

2020/2021 ўқув йилида талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш учун аризалар онлайн тарзда қабул қилиниши режалаштирилмоқда.

 Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш

 

Олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишини кўчириш (кейинги ўринларда Талабалар ўқишини кўчириш деб аталади) бўйича аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш қуйидагича амалга оширилади:
ўқишини кўчириш бўйича аризаларни тақдим этиш — ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар амалга оширилади;
аризаларни олий таълим муассасаси, тегишли вазирлик (идора) ёки Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 5 августдан 30 августга қадар амалга оширилади.
Талабалар ўқишини кўчириш узрли сабабларга кўра (республиканинг бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига доимий яшаш учун ёки турмушга чиқиш муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган (паспорт бўйича доимий рўйхатдан ўтган) ҳудудга кўчиб ўтганда, турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда, ёхуд ота-онаси (турмуш ўртоғи) хориждаги давлат хизматидан қайтганда) баҳорги семестрда ўқув машғулотлари бошланишидан олдин ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда:
ўқишини кўчириш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар;
ўқишини кўчириш бўйича аризани кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 25 январдан 15 февралга қадар амалга оширилади.
Ўқишини кўчириш истагини билдирган фуқаро қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
кўчириш (қайта тиклаш)ни истаган таълим йўналиши (мутахассислиги), ўқув тили ва шакли кўрсатилган ҳолдаги ариза (аризада ўқиган олий таълим муассасаси ва таълим йўналиши (мутахассислиги), таълим шакли, мақсадли қабул бўйича ўқишга кирмаганлиги, кўчириш (қайта тиклаш) сабаблари, кўчириш (қайта тиклаш) қоидалари билан танишганлиги кўрсатилади);
талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома нусхалари;
паспортнинг нусхаси.
2020/2021 ўқув йилида талабалар ўқишини кўчириш учун аризалар онлайн тарзда қабул қилиниши режалаштирилмоқда.

 Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини қайта тиклаш

 
Олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишини қайта тиклаш (кейинги ўринларда Талабалар ўқишини қайта тиклаш деб аталади) бўйича аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш бир йилда икки марта амалга оширилади:
ўқишини кузги семестрга қайта тиклаш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар;
ўқишини баҳорги семестрга қайта тиклаш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 15 январдан 25 январга қадар давом этади.
Қайта тиклаш бўйича аризаларни олий таълим муассасаси, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик (идора) томонидан кўриб чиқиб қарор қабул қилиш:
кузги семестрга қайта тиклаш учун — ҳар йили 5 августдан 30 августга қадар;
баҳорги семестрга қайта тиклаш учун — ҳар йили 25 январдан 15 февралга қадар амалга оширилади.
Ўқув режалардаги фанлари бўйича фарқлар аниқланганда талаба академик қарздор сифатида ўқишга қабул қилинади.
Жорий семестр давомида академик қарздорлик (фарқлар) бартараф этилган муддатдан бошлаб, олий таълим муассасаси ректорининг талабага ўрнатилган тартибда стипендия бериш ҳақидаги буйруғи чиқарилади. Стипендия миқдорини белгилашда фанлар бўйича фарқларни топшириш кўрсаткичлари ҳам ҳисобга олинади.
2020/2021 ўқув йилида талабалар ўқишини қайта тиклаш учун аризалар онлайн тарзда қабул қилиниши режалаштирилмоқда.