«Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 29 октябрдаги «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида» ЎРҚ-576-сон Қонунида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади деб белгилаб қўйилган бўлиб, вазирликнинг илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги ваколатлари жумласига илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги лойиҳалар танловини ўтказиш ва уларни молиялаштириш ҳам киради» хабар беради Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг матбуот котиби.
Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги «Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 133-сон қарори доирасида илмий-тадқиқот, инновацион, тажриба-конструкторлик ва стартап лойиҳаларини танлов асосида вазирлик, Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва ташаббускор ўртасида тузиладиган шартнома талабларига мувофиқ молиялаштиради. Инновацион ривожланиш вазирлигининг коллегиал органи лойиҳани молиялаштириш ёки молиялаштиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Таъкидлаш жоизки, Инновацион ривожланиш вазирлигининг коллегиал органи томонидан стартап лойиҳани молиялаштиришга тавсия этилган лойиҳаларнинг барчаси ҳам ижобий натижаларга эришмаслиги мумкин. Чунки бирор бир янги ижодий намунани яратишнинг якуний хулосаси ижобий ёки салбий бўлиши мумкин. Бироқ, амалиётда молиялаштиришга тавсия этилган лойиҳаларнинг шартномавий мажбуриятларини ташаббускорлар томонидан қасддан бажармаслик ҳолатлари ҳам амалиётда мавжуд эмас, деб айтишнинг имкони йўқ. Мазкур ҳолатда агар ташаббускорлар томонидан лойиҳани амалга ошириш бўйича шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда, табиийки, лойиҳалар салбий натижа билан якунланади. Бундай ҳолатда тарафлар ўртасидаги муносабатлар шартнома талабларига мувофиқ суд тартибида ҳал этилиб, ажратилган маблағлар Жамғарманинг ҳисоб рақамига қайтарилиш чоралари кўрилади.
Шундай лойиҳа ташаббускорларига нисбатан 2021-2022 йилларда шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ва бунинг натижасида стартап лойиҳалар амалга ошмаганлиги учун Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризалари киритилган.
Жумладан, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда «Azizlar Texno Impek» МЧЖ ўртасида 2019 йил 1 июнда «Ётоқ ярани олдини олувчи қурилмани яратиш» учун С-ЧФ-16-сонли стартап лойиҳани амалга ошириш шартномаси тузилган. Лойиҳа доирасида «Azizlar Texno Impek» МЧЖга 260 млн. 121 минг 600 сўм маблағ ўтказиб берилган бўлиб, мазкур лойиҳа бир йил муддатда бажарилиши лозимлиги белгиланган. Бироқ, ташаббускор календарь режада белгиланган ишларни ўз вақтида бажармаганлиги боис 2021 йил октябрь ойида Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилган. Суд жараёнида ташаббускор томонидан лойиҳа доирасида ишлар мутлақо бажарилмаганлиги аниқ далилларга асосан исботлаб берилди. Шунга асосан 2021 йил 29 октябрда Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ташаббускордан вазирлик ва жамғарма фойдасига 260 млн 121 минг 600 сўм маблағни ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қабул қилинишига эришилган.
2021 йилнинг 10 июнида «Ferangiz Farovon Textilе» МЧЖ билан «Инновацион технологиялар асосида янги турдаги ортопедик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш» учун С-ПФ-65-сонли стартап лойиҳани молиялаштириш шартномаси тузилган. Шартнома бўйича ташаббускорга 110 млн 184 минг сўм маблағ ажратилган. С-ПФ-65-сон шартнома шартларини бузгани учун жорий йилнинг 5 майида «Ferangiz Farovon Textile» МЧЖга нисбатан судга даъво аризаси киритилган. Суднинг 2022 йил 13 июлдаги ҳал қилув қарорига асосан 110 млн 184 минг сўм маблағ вазирлик ва жамғарма фойдасига ундирилиши тўғрисидаги ҳал қилув қарори қабул қилинишига эришилган.
Молиялаштиришга тавсия этилган яна бир лойиҳа ташаббускори «Biofuel» МЧЖ билан 2019 йил 26 декабрида «Қаттиқ маиший ва канализация чиқиндиларидан биоёқилғи ишлаб чиқариш» С-ПФ–21-сон стартап лойиҳасини молиялаштириш шартномаси имзоланган ва ташаббускорга 850 млн. сўм маблағ берилган. «Biofuel» МЧЖ ҳам шартнома шартларини қўпол равишда бузганлиги учун унга нисбатан 850 млн. сўм маблағни қайтариш юзасидан даъво аризаси киритилган. 2022 йилнинг 1 ноябрдаги Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорига асосан, жавобгар «Biofuel» МЧЖ ҳисобидан 850 000 000 сўм қарздорликни ва 20 000 000 сўм суд харажатларини ундириш белгиланди.
Бугунги кунда шартномавий муносабатларни бузганлиги учун вазирлик томонидан «Microstandart Universal» МЧЖ, «Kiva Group» МЧЖ, «ADS SHOES» МЧЖ ва «Sorgo-soriz» МЧЖларга нисбатан талабномалар чиқарилган.
Credits: telegram @mininnovation and https://t.me/nazokat_abdukunduzova
https://mininnovation.uz/oz/news/post-989