Транспорт дипломатияси сифатли таълим ва амалиёт уйғунлигидан қувват олади

Мамлакатимизнинг очиқлик ва шаффофликка асосланган яхши қўшничилик сиёсати, узоқ ва яқин давлатлар билан муносабатлардаги ўзаро самимийлик ва тенглик руҳи Ўзбекистоннинг Буюк ипак йўли чорраҳасидаги муҳим мамлакат сифатидаги тарихий мақомини тиклашни тақозо этмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан Афғонистонда Мозори Шариф–Кобул–Пешовар йўналиши бўйича қурилаётган темир йўл тармоғи, “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасидаги ишлар юртимизнинг транспорт-логистика соҳасидаги салоҳиятини максимал даражада оширишга хизмат қилади. Бу жараёнда транспорт соҳаси бўйича малакали миллий кадрларга эҳтиёж юқори бўлиши табиий.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 4 майдаги “Транспорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан Тошкент давлат транспорт университетининг ташкил этилиши республикада мазкур соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, тизимни илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартлар асосида тубдан такомиллаштириш, таълим жараёнини ўқитишнинг инновацион услублари ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда илмий салоҳиятни янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур мақсадларни рўёбга чиқариш учун Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ҳамда Тошкент давлат техника университетининг авиакосмик технологиялари факультети негизида Тошкент давлат транспорт университети ташкил этилди. Янги олий таълим муассасасининг ташкил этилиши олдимизга янги давр талабларига мос равишда фаолият юритиш вазифасини қўйди.

Зиммамизга юкланган вазифалар ўта масъулиятли ва залворли. Кузатувларга кўра, ҳар бир янги очилган ташкилотнинг драйвери бўлиши керак. Бусиз иложи йўқ. Биз ҳам, биринчи навбатда, олий таълим муассасамизнинг ўзига хос драйвери бўлган йўналишни такомиллаштириш устида изланяпмиз. Бу жараёнда мамлакатимиз олий таълим тизими олдида турган тўрт масала бизга ҳам бегона эмас. Булар: таълим сифати, илм-фан ривожланиши учун етарли шароит, янги технологиялар трансфери ҳамда моддий-техник база.

Мана шу тўртта масалани ҳал этиш ҳар бир олий таълим муассасаси раҳбарининг асосий мажбурияти, кундалик ўй-ташвиши бўлмоғи лозим. Мамлакатимизда таълим сифатига эътибор кучайди, илм-фан ҳар томонлама рағбатлантириляпти. Энди натижадорликка қараб интилишимиз керак. Юртимизда хориждаги олий таълим муассасалари филиалларининг очилиши, стажировка ва академик алмашувлар профессор ўқитувчиларимизга чет эллик ҳамкасбларининг фаолиятини ўз илмий-педагогик иш жараёни билан таққослаб, ютуқ ва камчиликларини ўрганиш имконини беради.

ЯНГИ ТАЖРИБАЛАР САРИ ЙЎЛ

Олдимизга қўйилган вазифаларни бажаришда, шубҳасиз, халқаро тажрибани ўрганиш муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда ривожланган мамлакатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, АҚШ, Англия, Германия, Франция, Хитой, Япония, Корея ва бошқа етакчи хорижий университетлар билан халқаро шериклик муносабатларини ривожлантириш, таълим жараёнига хорижлик илғор мутахассис ва ўқитувчиларни жалб қилишга интиляпмиз. Яқин кунларда жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасалари, жумладан, Германиянинг Кюне логистика университети, Франциянинг Фуқаролик авиацияси миллий мактаби ҳамда Тулуза бизнес мактаби билан ҳамкорлик ўрнатдик. Шу ўринда Франциянинг Фуқаролик авиацияси миллий мактаби билан ҳамкорлик хусусида алоҳида тўхталиш лозим, деб ўйлайман.

Жорий йилнинг 16 октябрь куни  Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси шафелигида Тошкент давлат транспорт универитети ва Европа авиацияси соҳасидаги энг йирик ўқув юрти ҳисобланган Франциянинг Фуқаролик авиацияси миллий мактаби (ENAC – École nationale de lʼaviation civile) ўртасида мамлакатимиз фуқаро авиацияси учун мутахассисларни тайёрлаш бўйича стратегик ҳамкорлик юзасидан видеомулоқот ташкил этилди. Мулоқот якунларига кўра икки таълим муассасаси ўртасида англашув меморандум имзоланди.

Меморандум доирасида томонлар Франция олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ва илмий тадқиқот лойиҳаларини жорий қилишда ENAC — École nationale de lʼaviation civile воситасида миллий фуқаро авиацияси учун учувчиларни тайёрлаш юзасидан бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма дастурлар тузиш ва ўқув базасини яратиш, халқаро тажрибасини ўртоқлашиш ва инновациялар трансферини қўллаб-қувватлаш, Тошкент давлат транспорт университети профессор-ўқитувчиларининг стажировкаларини ташкил этиш, таълимни рақамлаштириш ва бошқа бир қатор йўналишларда ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Мазкур меморандум ENAC ўқув дастурларини Тошкент давлат транспорти университетида авиация мутахассислари тайёрлаш жараёнига жорий қилиш, шунингдек, Марказий Осиёда илк учувчиларни тайёрлаш миллий мактабини яратиш, фуқаро авиация мутахассислари ва илмий тадқиқотчиларининг келгусида лойиҳалар таҳлилини шакллантиришга кўмаклашади.

Бундан ташқари, айни пайтда, университетимиз Россия Федерациясининг йигирмадан ортиқ нуфузли олий таълим муассасаси, Беларусь Республикасининг Беларусь давлат транспорт университети, Корея Республикасининг Корея миллий транспорт университети, Польшанинг Силезия политехника ва Гданск технология университетлари, Австриянинг Клагенфурт университети ҳамда Гвинея Республикасининг Олий архитектура ва шаҳарсозлик институти билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳозир ушбу давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасаларида университетимизнинг 390 нафар талабаси таҳсил оляпти.

ТАЛАБГА ҚАРАБ МУТАХАССИС ТАЙЁРЛАНАДИ

Айрим ишлаб чиқарувчилар “Институтни тугатиб келаётган ёшлар ҳеч нарсани билмайди”, дейди. Шу ўринда савол туғилади: хўш, ўзи қай даражада билади? Иш берувчи ростдан ҳам малакали ходимга талабгор бўлса, олий таълим муассасасини тамомлаб келаётганлар учун талаб қўйсин. Менга олий маълумотли, мана шундай компетенцияга эга мутахассис керак, деган талаб, биринчи навбатда иш берувчилардан чиқиши керак. Битирувчи ва иш берувчи ўртасида юзага келаётган асосий муаммо шу — олий таълим ва ишлаб чиқаришда интеграция йўқлиги.

Ишлаб чиқариш жараёнидаги ҳар битта лавозимнинг малака талаби бўлади. Малака талабига кўчада юрган одам ҳам жавоб бера олади. Чунки у бошдан охир жимжимадор сўзлар билан ёзилади. Муайян компетенция кўрсатилади. Оқибатда ўқишни тугатиб борган мутахассис “яроқсиз”га чиқиб қолади. Шу боис, биринчи навбатда, ўқув дастури пишиқ пухта бўлиши керак. Малака талабини вазирлик ва идоралар аниқ ифодалай олмас экан, меҳнат бозори талабига мос мутахассис тайёрлаш жуда қийин кечади. Чунки таълим стандарти шундан келиб чиқиб тайёрланади       ва мос равишда ўқув дастури ишлаб чиқилади.

Масалан, биз авиация соҳасида малака талабини Тулузадан оламиз. Тулуза битирувчиларига компаниялар томонидан қўйиладиган талабни фаолиятимизга мослаймиз. Чунки учувчилик халқаро даражадаги соҳа бўлгани учун қийинчилик бўлмайди. Университетимизда ўқитиладиган йўналишлар бўйича малака талабини топиш мураккаб эмас. Лекин бошқа йўналишлар муаммода.

Илгари темир йўл соҳасида республика бўйича қанча кадрга эҳтиёж бўлса, шунча одам ўқитилган. Ортиқча одам қабул қилинмаган. Бунақада ривожланиш бўладими? Нима учун биз Урал вагонсозлик заводи учун мутахассислар тайёрлай олмаслигимиз керак? Ёки нима учун Қирғизистон темир йўл соҳаси учун мутахассис ўқитолмаймиз?

Яқинда Урал вагонсозлик заводи билан мулоқот қилдик. Германиянинг Дойчебанки билан ҳам йўлсозларимиз хусусида келишув арафасидамиз. Биз уларга мутахассисларимизни ишга олишни таклиф этяпмиз. Улар Ўзбекистонга кириб келяпти. Табиийки, бу корхоналарнинг мамлакатимизга кириб келишдан мақсади — бизнес қилиш, пул орттириш. Шундай экан, чет эл инвесторлари нега бизнинг мутахассисларимизни ишга олмаслиги керак?!

Кадрлар тайёрлаш жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, олий таълим муассасаси фаолиятида тармоқ корхоналари иштирокини кенгайтириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Унга кўра, олий таълим жараёнида назария ва амалиёт интеграциясини таъминлаш, талабаларнинг малакавий амалиётини ишлаб чиқариш корхоналарида ўтказишни самарали ташкил этиш, иқтисодиёт соҳаларининг истиқболда кадрл ар тайёрлашга буюртмаларини шакллантириш, битирувчиларга қўйиладиган малакавий талабларни ишлаб чиқиш, тармоққа зарур бўлган мутахассисларни тайёрлаш жараёнидаги иштирокини янада ошириш ҳамда олий таълим дастурларининг ўзгарувчан меҳнат бозори талабларига ҳамоҳанглигини таъминлаш учун иш берувчилар томонидан тизимли ишлар амалга оширилиши келтирилган.

Шу маънода, университетда олий таълим — илм-фан — ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш мақсадида асосий кадр буюртмачилари ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ҳузуридаги корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорлик шартномалари тузилган. Ўқув жараёнига соҳанинг етакчи мутахассисларини жалб этиш, давлат аттестацияларидаги иштирокини таъминлаш, корхоналарда педагогларнинг стажировкаларини ташкил этиш ҳамда талабаларнинг малакавий амалиётини ўтказиш бўйича ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилмоқда. Шунингд ек, ҳафтада бир кунни талабаларнинг амалиёт куни сифатида корхона ва ташкилотларда тўлиқ банд қилиш ҳам белгилаб қўйилган.

МУТАХАССИСЛИККА ОИД ФАНЛАРНИНГ ДАРС СОАТИ КЎПАЙТИРИЛДИ

Олий таълим муассасаларида мутахассисликдан ташқари фанларнинг ҳаддан зиёд кўп ўқитилиши узоқ йиллар талабаларни чалғитиб келди. Ўзи болаликдан орзу қилган касб бўйича етук кадр бўлишни мақсад қилган абитуриент университет ёки институтга киргач, соҳасига деярли алоқасиз фанларни кўриб ҳафсаласи пир бўлгани ҳақиқат. Шу боис, бу хатони такрорламаслик мақсадида олий таълим муассасамизда транспорт соҳасидаги кадрларни тайёрлаш таълим йўналишлари хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, ўқув фанлари ва юкламаларини мақбуллаштирдик.

Жумладан, ривожланган хорижий олий таълим муассасалари тажрибаси ҳамда асосий кадр сўровчилар талабидан келиб чиқиб, 2020-2021 ўқув йили қабул квотаси бўйича ажратилган қирқ битта таълим йўналиши ва ўттиз бешта магистратура мутахассислигининг малака талаблари ва ўқув режалари ишлаб чиқилган. Ўқув режаларида мутахассисликка оид фанлар сони кўпайтирилди. Улар сони ўттиз олтитадан ўттизтагача, ҳафталик юклама ҳажми эса ўттиз соатдан йигирма олти соатга камайтирилди. Шунингдек, амалиёт ҳафталари ҳам йигирма олти ҳафтагача оширилган.

Бу талабаларнинг ўз соҳасига тааллуқли фанларни мукаммал ўзлаштириши, аудитория соатлари камайиши ҳисобига мустақил таълимга эътиборни ошириши, ўз устида ишлаши учун кўпроқ вақт ажратишига имкон беради. Амалиётга кўпроқ жалб этилиши эса соҳадаги муаммолардан келиб чиққан ҳолда, керакли кўникмаларнинг шаклланишига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 23 ноябрь куни Тошкент транспорт инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида университетимиз фаолиятини янада такомиллаштириш хусусида ҳам сўз юритди. Айни пайтда белгиланган вазифалар юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, унинг ижросини таъминлашга киришганмиз.

ИЛМИЙ САЛОҲИЯТ ВА ИШЛАНМАЛАР — УНИВЕРСИТЕТ КЎЗГУСИ

Бугун мавжуд илмий салоҳият ва самарали ишланмаларнинг амалиётга татбиқ этилиши олий таълим муассасалари рейтингини аниқлашнинг муҳим мезонларидан бири вазифасини ўтамоқда. Шу маънода, ҳозирги кунда университетнинг асосий штатида 733 нафар профессор-ўқитувчи фаолият олиб бормоқда. Улардан 237 нафари илмий салоҳиятга эга педагог бўлиб, бир нафари академик, эллик уч нафари фан доктори, эллик тўрт нафари фалсафа доктори (PhD), 129 нафари эса фан номзоди. Илмий салоҳият 32,3 фоизни ташкил этмоқда.

Университет илмий салоҳиятини ошириш мақсадида ёш педагогларнинг илмий тадқиқот олиб бориши учун керакли шароитлар яратилган. Муассаса таркибидаги саккизта илмий тадқиқот лабораторияси, замонавий ахборот-ресурс маркази ҳамда компьютер синфлари ёш илмий тадқиқотчиларга хизмат кўрсатмоқда. Тўққизта ихтисосликни қамраб олган илмий даражалар берувчи учта илмий кенгаш мавжуд.

Университетимиз Туркиянинг Raylı Sistemler Mühendislik Müşavirlik A.Ş. ташкилоти билан ҳамкорликда “Line Control and touring Vehicle” ўлчаш-назорат ва туристлар учун мўлжалланган махсус ўзиюрар ҳаракат таркиби стартап лойиҳасини амалга ошириб келмоқда. Ўлчаш-назорат ва туристлар учун мўлжалланган махсус ўзиюрар ҳаракат таркибининг моделини (эскизини) Raylı Sistemler Mühendislik Müşavirlik A.Ş. билан ҳамкорликда дастурий воситалар ёрдамида яратиш бўйича изланишлар олиб борилаётир. Лойиҳа доирасида бажарилган ишлар юзасидан якуний таклифлар жамланиб, ўлчаш-назорат ва туристлар учун мўлжалланган махсус ўзиюрар ҳаракат таркиби жорий этишга тайёрланади.

Бундан ташқари, “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖ буюртмасига асосан, университет олимлари томонидан икки қаватли янги йўловчи вагонини яратиш устида изланиш лар олиб борилмоқда. Юк вагонларини ишлаб чиқаришда юқори мустаҳкамликка эга бўлган пўлатлардан фойдаланиш бўйича техник таклифлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.

ТАЪЛИМДАГИ УЗВИЙЛИК — КАСБИЙ МАҲОРАТ АСОСИ

Таълим тизимида узвийликни таъминлаш ҳар бир ривожланган мамлакат сиёсатининг энг катта мақсадларидан биридир. Меҳнат бозори талабларига мос юқори малакали кадрларни тайёрлаш, таълим сифатини баҳолашнинг халқаро стандартларини жорий этиш, инновацион илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш орқали мамлакатда таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича изчил ишлар амалга оширилди ва бу жараён давом этмоқда. Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун ягона давлат сиёсатини юритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланди.

Фармонга биноан, 2020–2021 ўқув йилидан профессионал таълим дастурлари ЮНЕСКО томонидан қабул қилинган Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлаштирилиб, ўқув жараёнига Ўзбекистоннинг миллий квалификация тизими тўлақонли жорий этилиши, тайёрланадиган кадрларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш мақсад қилинган.

Бугунги кунда узлуксиз таълим кадрлар тайёрлаш тизимининг асоси, юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминловчи, шахс, жамият ва давлатнинг иқтисодий, ижтимоий, илмий-техникавий ва маданий эҳтиёжини қондирувчи устувор соҳадир. Бу йил университетимиз тасарруфида Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ва Тошкент темир йўл муҳандислари институти академик лицейлари негизида Тошкент давлат транспорт университети академик лицейи ташкил қилинди.

Академик лицей бугунги кунда учта йўналиш бўйича таълим фаолиятини йўлга қўйган. Ундаги фан кафедралари университетдаги тегишли фан кафедраларига бириктирилган. Университет профессор-ўқитувчилари бевосита академик лицейдаги мутахассис ўқитувчилар билан доимий мулоқот ўрнатган. Педагоглар таълим-тарбия жараёнида замонавий фан-техникани интеграциялаш ҳамда ўқитиш жараёнини рақамли иқтисодиёт талаблари билан узвий боғлашга эътибор қаратиб келмоқда. Шу сабабли академик лицейда аниқ фанларни мукаммал ва мақсадли ўргатиш мақсадида чуқурлаштирилган фанлардан тўгараклар ва факультатив курслар ташкил қилиняпти. Бу тўгаракларда ўқувчилар билимини оширишни назарда тутган ҳолда, роботатехника ва мехатроникани ривожлантириш курслари ташкил қилиниши кўзда тутилган.

Бу курслар, асосан, университет профессор-ўқитувчилари ва академик лицей ўқитувчилари ҳамкорлигида олиб борилади. Ўқувчилар ўзлари танлаган таълим йўналиши бўйича билим ва савияларини ошириш ҳамда фанни чуқур ўрганиш, махсус касб-ҳунар кўникмаларини шакллантириш имкониятига эга бўлади. Бу кўникмаларни эгаллаган ўқувчилар таълимни муайян олий ўқув муассасаларида давом эттириши мумкин.

Университет академик лицейдаги таълим тизимини молиявий, моддий-техникавий ва бошқа тарздаги ресурслар билан таъминлаш механизмларини шакл лантириш ҳамда уларни доимий ривожлантириб, янгилаб боришда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, академик лицейнинг иқтидорли битирувчи ўқувчилари кейинчалик университетимизда имтиёзли равишда таълимнинг кейинги босқичларини давом эттириш имкониятига эга бўлади.

 

Одил АБДУРАҲМОНОВ,
Тошкент давлат транспорт университети ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори

 

Ушбу мақола «Янги Ўзбекистон» газетасининг 2020 йил 13 декабрдаги 241-сонидан олинди.